ВАТАН УЧУН НИМА ҚИЛДИК?

0
281

Ватан биз учун кенг ва равон йўлларни барпо қилди. Кечалари қийналмаслигимиз учун чароғон чироқларни ўрнатди. Болаларимизга одоб, таълим-тарбия берди. Ўқитди, ўргатди, касб-ҳунарли қилди. Биз ва фарзандларимиз учун боғча, мактаб, олийгоҳлар, шифохоналар, масжид-у мадрасалар, ер, ҳаво ва сувда узоғимизни яқин, юкимизни енгил қилувчи воситалар ҳамда бошқа моддий ва маънавий эҳтиёжларимизни қондириш учун имкониятлар яратиб берди. Буларнинг ҳаммасини биз учун барпо қилди. Буларнинг ҳаммаси бизнинг хизматимизда. Буларга жавобан биз нима қилдик?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ватанларига бўлган муҳаббатни “Эй Макка! Сен қандай гўзал (хуш) шаҳарсан! Сен менга қандай суюклисан! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, бошқада турмасдим”, дея ифода этдилар.

Биз–чи, биз?! Ватанимизга бўлган муҳаббатни қандай ифода этмоқдамиз?!

Саъдий[1] раҳматуллоҳи алайҳ “Гулистон” китобида айтади:

 

Абру боду маҳу хуршеду фалак даркоранд,

То  ту  ноне  ба каф орию  ба ғафлат  нахури.

Ҳама аз баҳри ту саргаштаву фармонбардор,

Шарти инсоф на бошад, ки ту фармон набари.

 

Маъноси:

 Булут,  шамол,  қуёш, ой ва осмон

Етказишчун сенга улар бурда нон.

Ҳаммаси ухламас, бедордир ҳар он,

Инсофдан эмасдир тутмасанг фармон.

 

Бирор юртга мансуб бўлган киши, албатта, ўша юртни ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиши керак. Бу нарса ҳар бир инсоннинг фуқаролик вазифаси ҳисобланади.

Ватанга хизмат қилиш улуғ фазилатдир. Бу борадаги далил ва ҳужжатларни қисқача келтириб ўтамиз.

Мисрга қаҳатчилик, қийинчилик йиллари келганида Юсуф алайҳиссалом унинг ҳокими Азизга юзланиб “У: “Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман”,[2] деган эди. Бу билан Юсуф алайҳиссалом жамиятга фойда етказишни мақсад қилганди.

Мусо алайҳиссалом: “Бас, икковларига суғориб берди. Сўнгра сояга қайтди ва: “Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман”, деди.[3]

Воқеа бундай бўлганди. Мусо алайҳиссалом Мадянга борди. Кўпчилик одамлар бир ҳовуздан ҳайвонларини суғораётган эди. Кун иссиқ, Мусо алайҳиссалом эса дарахтнинг соясида истироҳат қилиб, одамларни кузатиб, чарчоқларини чиқариб ўтирарди. Қараса, икки аёл бир чеккада қўйларини суғаролмай турибди. Секин уларнинг олдига бориб: “Сизларга нима бўлди?” деди. Улар: “Отамиз қари, мўйсафид, ишга ярамай қолган, ўзимиз эса кўпчилик эркакларни ичида қўйимизни суғоришга кучимиз етмаяпти”, дейишди. Шунда Мусо алайҳиссалом икковининг қўйини суғориб берди. Мусо алайҳиссалом бошқаларга хизматни ўзининг роҳатидан устун қўйди. Заифларга, айниқса, аёлларга ёрдам беришни ўзининг эркаклик бурчи деб билди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мурувватларига қаранг! Хадича онамиз розияллоҳу анҳо шундай васф қиладилар: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч хафа қилиб қўймайди.  Чунки сиз рост гапирасиз, қариндошлар билан алоқани боғлайсиз, оғирни енгил қиласиз, меҳмондорчиликни жойига қўясиз ва ҳақ йўлдаги кишига қийинчилик етса, ёрдам берасиз”, дедилар.

 

Ватаннинг қандай ҳақлари бор?

 Ҳар бир инсоннинг ватан олдида бир неча бурч ва вазифалари бор:

  • Ватанга муҳаббатли бўлиш. Бу ҳақдаги далил ва ҳужжатлар юқорида ўтди.
  • Яшаб турган ери тозалиги ва гўзаллигига ҳисса қўшиш.
  • Ер усти ва ости бойликларидан оқилона фойдаланиш.
  • Ватани маънавий меросини асраб авлаш, уни ўрганиш, ўргатиш ва келжак авлодга етказиш.
  • Табиатни ифлослантирадиган ишларни қилиш билан ўша ерни яшаш учун яроқсиз ҳолга келтирмаслик.
  • Ватанни ташқи ва ички душманлардан ҳимоя қилиш. Бу йўлда ҳар қандай нарсани фидо қилиш.
  • Ватан сирларини бегоналарга айтмаслик.
  • Ўз она тилини сақлаш.
  • Ватан ривожи йўлида ақлий, жисмоний ва моддий имкониятларни сарф қилиш.
  • Бор имкониятни сафарбар қилиб ички фитна ва низоларнинг олдини олиш. Чунки фитна-фасод аҳолини пароканда қилувчи энг катта бало ҳисобланади.
  • Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида Ватан қадрини юксалтириш ва ҳар бир фуқаро қалбида Ватан муҳаббати ҳиссини ошириш.
  • Фуқаро қайси касбда бўлишидан қатъи назар ўз ишини сидқидилдан бажариши лозим. Чунки фуқаро меҳнати ортида юрт ривожи ва равнақи ётади.
  • Доимо дахлдорлик ҳисси билан яшаш.

Ватандошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, келажак авлод тарбияси йўлида барча қўлидан келган имкониятларни сафарбар қилиш.

 

Равшанбек Ўринбоев,

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

[1] Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ 606 – 694 ҳижрий, 1209 – 1294 милодий йилларда яшаган. Мушриф ибн Муслиҳ Саъдий Форсий Шерозий. Куняси Абу Абдуллоҳ. Шерозда туғилган. Бошланғич таълимни она юртида олган. Кейинчалик дарсни Бағдоддаги Низомия мадрасасида давом эттиради. Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ машҳур, Қодирия тариқати асосчиси Абдулқодир Жийлоний ҳазратларининг муридларидан ҳисобланади. Одоб, Қуръон ва ҳадис илмларини пухта эгаллаган. Ҳижрий еттинчи асрнинг энг катта шоирларидан ҳисобланади. Баъзилар Саъдий раҳматуллоҳи алайҳни форс шеъриятини тўрт устунидан бири дейишади. Улар: Фирдавсий, Анварий, Низомий ва Саъдий раҳматуллоҳи алайҳилардир. Саъдий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Бўстон”, “Гулистон” ва “Девон” каби дурдона асарлари мавжуд.

[2] Юсуф сураси, 55-оят.

[3] Қасос сураси, 24-оят.

Load More In МАҚОЛАЛАР