МАҚОЛАЛАР Хасаддан сақланинг! 6 декабря, 2023 0 44 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир-бирингизга ҳасад қилманг, ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг солиҳ бандалари бўлинг! Мусулмон инсон ўз (диндош) биродари билан уч кундан ортиқ аразлашмасин”. дедилар. Ҳасад инсон ҳаётини издан чиқаради, осуда турмушини бузади. Чунки ичи ҳасадга тўла одам ўзгалар бахтини кўролмайди, уларга ёмонлик тилайди. Шунинг учун ўзининг ҳам ҳаёти ғам-қайғуга тўлади. Ҳасадгўйнинг қалби доим безовта бўлади. Қачон қарасангиз, (худди бошқалар унинг ҳисобидан бахтли бўлаётгандек) юрагини чангаллаб бировнинг ютуғидан хавотирда юради. Агар биродарингизга берилган неъматдан кўзларингиз қувонса, ўзингизга ҳам ана шундай неъмат берилишини хоҳласангиз, бу ҳасад эмас, ҳавасдир. Ҳасад тил офатларига эшик очади. Ҳасадчи “душман”ларини ғийбат қилади, устидан туҳматлар ёғдиради. Хуллас, ҳасадгўй яхшиликка ёмон кўз билан қарайди, фақат ўзини ўйлайди. Бир одамнинг бойлиги ошиб-тошиб кетса, мансаб-мартабаси юқориласа, парво қилманг. Ахир, сизнинг ҳимматингиз эвазига эришгани йўқ-ку! Тўғрими? Ҳасад қилиш ўрнига сиз ҳам Аллоҳдан сўранг Аллоҳнинг карами кенг. Бировларга ёмонлик тилаб ҳасад қилиш ўрнига феълингизни кенг қилинг, инсонларга хайрихоҳ бўлинг! Ҳасадчи Аллоҳнинг тақдирига қарши чиқади, қазои қадардан нолийди, “Эй Аллоҳ, фалончига нега бу неъматни бердинг, уни бой қилиб қўйдинг, тан-жонини соғ қилдинг, илм-маърифат бердинг!..” деб Аллоҳга арз қилади. Қалбида ҳасад иллати бор одамнинг дили сиқилади, кўнгли безовта бўлади. Чунки бировларнинг муваффақияти унинг оромини ўғирлайди, тинчини бузади. Қалбдаги ҳасадни чиқариб ташламагунча инсон комил мўмин бўлолмайди, хотиржам яшолмайди. Қуръонни тафаккур билан ўқиган, мазмунини қалбига жойлаган инсон ҳасад ўтидан нажот топади. Ўзгалар ютуғини кўрганда кўзи қувонадиган, эзгу амалларига ҳаваси келадиган инсоннинг қалби тоза, кўнгли хотиржам бўлади….. Манбалар асосида: Саййид Муҳйиддин махдум ўрта- махсус ислом билим юрти катта ўқитувчиси Рахматуллох домла Умаров тайёрлади.