ЯНГИЛИКЛАР Хушхабар: Моҳи Рамазон арафасида “Бектемир” жоме масжиди очилди 9 марта, 2024 0 100 Ҳар йили муборак Рамазон арафасида мўмин-мусулмон юртдошларимизнинг кўнглини шод этиш мақсадида янги масжидларни ишга тушириш анъана тусига кириб бормоқда. Албатта, моҳи Рамазон ойини янги масжидларда қарши олиш, таровеҳларда иштирок этиш намозхонларга ўзгача хушкайфият улашади. 2024 йил 8 март, жума куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани “Бектемир” жоме масжиди намозхонлари ана шундай шодлик туйғусини тўйдилар. Мазкур жоменинг очилиши Қуръони карим тиловатлари ва хайрли дуолар билан бошланди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, маҳаллий имом-хатиблар, нуроний отахонлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Дастлаб, Ҳомиджон домла йиғилганларни кириб келаётган Рамазони шариф ва янги масжид билан табриклаб, унинг қурилишига ҳисса қўшган барча азиз инсонлар ҳаққига дуои хайрлар қилди ва Рамазон ойининг фазилати ва масжидларни обод қилишга бериладиган ажру савоблар ҳақида маъруза қилдилар. Сўнгра жума намози адо этилиб, масжидни барпо этишда ҳисса қўшган юртдошларимиз ҳаққига дуолар қилинди. “Бектемир” жоме масжиди замонавий талабларга риоя қилган ҳолда бунёд этилган. Барча қулайликларга эга таҳоратхона ва маъмурий бинолар, автотураргоҳ ҳам барпо этилган. У уч минг намозхонга мўлжалланган. Маърифат маскани бўлган масжидларни обод қилаётган азизларга Яратганнинг розилиги насиб қилсин, юртимиз тинч, осойишта ва фаровонлиги бардавом бўлсин! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати