Ёшлар орасида терроризм ва экстремизм тахдидлар ва уларни олдини олиш

0
345

Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсиндирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваломбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга интилади.

Ҳозирги даврда диний экстремизм ва халқаро терроризм салоҳиятининг сифат ва миқдор жиҳатидан ўсиши уларни глобал хавфсизликка йўналтирилган жиддий таҳдидга айлантирди. Диний-экстремистик ва террористик гуруҳлар глобализация жараёнлари ва йирик геосиёсий давлатлар орасидаги манфаатлар тўқнашувидан, шунингдек, илмий-техника ютуқларидан фойдаланган ҳолда, терроризм ва экстремизмга қарши кенг кўламли кураш олиб борилаётган муҳитга мослашиб олди.

Диний шиорлар остида сиёсий ҳокимиятга интилаётган диний экстремистик ташкилотлар Марказий Осиё мамлакатларидаги ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир ўтказишга уринмоқда.

Диний экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш ва уларга зид былган ғояларни муросасизлик ва мутаассиблик билан тарғиб қилишдир. Марказий Осиёда диний экстремистлар минтақа халқлари учун анъанавий бўлган ҳанафий мазхаби ва мотуридия ақидасини рад этиб, сиёсийлаштирилган ислом ғояларини сингдиришга уринмоқда.

Терроризм – муайян сиёсий мақсадларда, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш ва, аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш учун зўравонлик ишлатиш ёки зўравонлик ишлатиш билан қўрқитиш. Терроризм яширин (конспиратив) ташкилотлар томонидан беқарорлик келтириб чиқариш орқали давлат ҳокимиятини эгаллаш мақсадида қўлланилади. Мусулмон мамлакатларида террорчи уюшмалар оммавий бўла олмагани учун аҳолининг кенг қатламлари номидан ҳаракат қилиш таассуротини уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланадилар.

Диний экстремизмнинг Марказий Осиёга кириб келишида Афғонистон дарвоза вазифасини ўтади. Минтақада ҳозирги кунда фаолияти кузатилаётган диний экстремистик гуруҳлар қаторига «Туркистон ислом ҳаракати» (ТИҲ), «Ҳизбут таҳрир», «Акромийлар», «Нурчилар» ва «Таблиғчилар» киради.

Диний-экстремистик оқимларнинг (ДЭО) асосий мақсади дин ниқоби остида конституциявий тузумни ағдариш ва сиёсий хокимиятни эгаллашдир. ДЭО вакиллари асосий эътиборни ахолимизнинг 64 фоизини ташкил этувчи, хали онги тўла шаклланиб улгурмаган, хаётий тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтиришга қаратиб, уларга босқичма-босқич, даставвал, диний дунёқарашни, кейинчалик эса, ақидапараст ғояларни сингдиришга интилмоқда.

Ушбу мақсадга етиш йўлида аҳолига ҳанафийлик мазхабига зид мутаассиб ғояларни сингдириш, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, ҳукуматга тазйиқ ўтказиш, аҳоли ичида қўрқув, парокандалик ҳамда давлатга нисбатан ишончсизлик уйғотиш ҳамда республика раҳбарияти томонидан диний соҳада олиб борилаётган сиёсатни обрўсизлантириш каби оралиқ мақсадларга бўйсиндирилган фаолият олиб борилади.

Диний экстремистик ташкилотларнинг асосий фаолият услублари сифатида экстремистик руҳдаги адабиёт, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш, хуфия гуруҳлар тузиш, ўз тарафдорларини давлат структураларига киритиш, яширин диний «ҳужраларда» ўқиётганларга мутаассиб тушунчаларни сингдириш, ижтимоий-сиёсий ҳолатни кескин қоралаш, давлат ва диний идора вакилларини обрўсизлантириш ҳамда террорчилик ҳаракатлари ўтказишни кўрсатиш мумкин.

Диний экстремизм ва терроризмнинг Ўзбекистонга асосий таҳдиди ижтимоий-сиёсий барқарорликни, миллий, фуқаролараро ва миллатлараро тотувликни бузишга, дунёвий давлатни, кўп миллатли ва кўп динли давлатни обрўсизлантириш хамда диндор мусулмонларнинг ислоҳотчи давлатга бўлган ишончини йўққа чиқаришга уринишда намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йиллари диний эътиқод эркинлиги қонун йўли билан кафолатланди. Миллий истиқлол мафкурасида ислом динининг моҳияти, инсонпарварлик ғоялари, динга соғлом муносабат масалалари ўзининг оқилона ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда 16 та диний конфессияга тегишли 2231 та диний ташкилот, шу жумладан, 2037 та масжид, 11 та мадраса ва Тошкент ислом институти, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Самарқнд вилоятида Хадис лми мактаби, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолият юритаётгани, фуқаролар эмин-эркин диний амалларни бажараётгани, 60 мингдан зиёд одам ҳаж зиёратини амалга оширгани бунинг ёрқин исботидир.

Хукуматимиз диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши халқаро даражада ва мамлакат ичида зарурий чора-тадбирлар амалга оширмоқда. Хусусан, Ўзбекистон экстремизм, терроризм ва сепаратизм билан курашни асосий мақсад қилиб қўйган Шанхай хамкорлик ташкилотинининг фаол аъзоси бўлиб, ушбу ташкилотнинг Тошкентда жойлашган Минтақавий аксилтеррор маркази Марказий Осиёда хавфсизликни таъминловчи мухим омиллардан бири хисобланади.

Мамлакатимизда ақидапарастликка қарши қаратилган амалий ва маънавий-маърифий тадбирлар қонуний пойдеворга асосланади. Конституциямизнинг 31-моддасида: «Хамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», — деб белгилаб қўйилган.

Ёшлар турли ақидапараст гурух даъватчиларининг алдовига учиб қолмаслиги, хусусан, гўёки «Қуръон ўргатиш» бахонасида, аслида, мутаассиб ғоялар тарғиб қилинадиган яширин «хужра» ва йиғинларга бормаслиги, турли «даъватчи»лардан ноқонуний диний мазмундаги диск, адабиёт ва кассеталарни олмаслиги лозим.

Илгари ёт ғояларга алданган баъзи ёшларнинг хозирда оиласидан йироқда, ватангадо бўлиб, бегона юртларда хор-зор бўлаётгани ва жувонмарг бўлиб кетаётгани бошқаларга сабоқ бўлиши керак.

Мамлакатимиз конституцияга мувофиқ дунёвий, демократик давлат бўлиб, унинг ёрқин келажагини яратишда талаба ёшлар асосий куч хисобланади. Республикамизда дин давлатдан ажратилган бўлиб, амалдаги қонунларда хусусий тартибда диний таълим бериш ёки олиш, махфий диний йиғин ёки ташкилотга аъзо бўлиш ман этилган.

Республикамизда ёшларни илм-маърифатли, турли сохаларда етук мутахассис, жисмонан баркамол инсон бўлиб етишишга кенг шароитлар яратиб берилган. Мазкур имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланиш, жамият ва давлат учун фидокор шахс бўлиш хар бир ёшнинг бурчидир. Бунинг учун эса, улар аввало, дунёвий ва касб фанларини чуқур ўзлаштириш, шунингдек, ўзбек халқининг мехнатсеварлик, оилани муқаддас билиш, инсонларга мехрибонлик, дўстларга садоқат, ватанпарварлик каби тарихан эъзозлаб келинаётган қадриятларини ўзида шакллантириши талаб этилади.

Ёшларимиз учун мамлакат суверенитети, территориал бирлиги хамда мустақил сиёсат юритиш хуқуқини мустакам химоя қилувчи фуқаро бўлиш, ўзларида миллий анъана ва халқимиз менталитетига ёт ғояларга нисбатан мафкуравий қобиқ шакллантириш шарафли ва маъсулиятли бурч хисобланади.

 Билим юурти 4-курс 78-гуруҳ талабаси

Алламуродов Абдуваҳоб

Билим юрти матбуот хизмати

Load More In MAQOLALAR