ЁШЛАР ТАРБИЯСИ – КЕЛАЖАК МЕВАСИ

0
36

Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ҳамда ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, хоҳлаган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва тарбия берган ҳар бир киши шерикдир.

Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонликлар ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади.

Кўпинча болаларда таомга очкўзлик билан ташланиш туйғуси ғолиб бўлади. Бунда тарбия таом ейиш одобидан таълим бериш билан бошланади. Масалан, таомни ўнг қўлда ейиш, «Бисмиллаҳ» билан бошлаш, катталардан олдин лаганга қўл чўзмаслик ва таомни фақат ўзининг олдидан олиш, еяётган кишининг оғзига қарайвермаслик, шошмасдан, яхшилаб чайнаб ейиш, луқмани оғзига кетма-кет тиқавермаслик, таом юқини кийимига артмаслик, баъзан зиравор ёки ширинликларсиз қуруқ ноннинг ўзини ейишга одатланиш кабиларни ўргатиш лозим.

Болани тўкин-сочинликдан, қимматбаҳо кийим кийиб ўсган болалардан, дабдабали ҳаётга рағбат уйғотадиганлар даврасига аралашиб қолишдан асраш зарур. Чунки вояга етаётган бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, кўп ҳолларда унинг ахлоқи тубанлашувига сабаб бўлади. Натижада бола улғайгач, каззоб, ҳасадгўй, ўғри, чақимчи, қайсар, маҳмадона, енгилтак, маккор, беҳаё, ярамас бир кимсага айланиб қолиши мумкин.

Булардан сақланишнинг йўли — чиройли тарбия, мактабда дарс билан машғул бўлиш, Қуръон ва ҳадис таълимини олиш. Солиҳ инсонлар ва уларнинг ҳаётлари ҳақида тингланган ҳикоялар бола қалбида муҳаббат уйғотади.

Бола тарбиясида отанинг қатъияти, сўзидан қайтмаслиги муҳим аҳамиятга эга. У ўзининг бу табиатини фарзандига доимо сездириб туриши зарур. Она ҳам ўз навбатида отанинг айнан шу хусусиятини бола ёдига солиб туриши, шу тарзда фарзандини ёмонликлардан қайтариши керак.

Эрталабки уйқу болани ялқов қилиб қўяди. Кечқурун эртароқ ухлаш эса кони фойда. Тўшакнинг ҳаддан ташқари юмшоқ бўлиши гавданинг эгилувчанлигини камайтиради, аъзоларнинг қотишига олиб келади. Семириш таомга рағбатни кучайтиради. Шунинг учун болани дағалроқ тўшакка, одмироқ либосга, оддий таомга ўргатиш энг аҳамиятли вазифалардандир.

Болага дарсдан сўнг чарчоқ ёзиш учун чиройли ўйинларга изн бериш мумкин. Лекин ўйин билан тинкаси қурийдиган даражада машғул бўлиб қолиши дуруст эмас. Шунингдек, болани ўйиндан буткул маҳрум қилиб, доимий таълимга мажбурлаш ҳам ярамайди. Бундай такаллуф ёш қалбни ўлдиради, заковатни сўндиради, ҳаётдан безиш туйғусини пайдо қилади. Фурсат бўлди дегунча бола танг шароитдан чиқиб кетиш учун ҳийла ахтарадиган бўлиб қолади.

Болалар ўғрилик, ҳаром, хиёнат, ёлғон, бузуқлик каби иллатлардан қўрқитиб ўстирилади. Ёши улғайгани сайин болада бундай ишларнинг сирига етиш имкони кўрина бошлайди. Ўшанда унга шундай эслатиш мумкин: «Таомлар доридир. Уларни истеъмол қилишдан мақсад — барчамизни яратган Аллоҳ таолонинг тоатига қувват олиш. Дунё асл ватан эмас, чунки унда боқийлик йўқ. Ўлим дунё неъматини қирқади. Дунё ўткинчи бир қўналға, охират эса доимий қароргоҳдир. Ўлим — исталган соат келиши мумкин бўлган, кутилган нарса. Бу дунёда охират учун озиқ ғамлаган киши ҳақиқий оқил ҳисобланади. Аллоҳ атоло ҳузурида бундай кишининг даражаси баланд, жаннатдаги насибаси янада кўп».

Пайғамбар (алайҳиссалом) айтадилар: «Ҳар бир гўдак (Ислом) фитратида туғилади. Лекин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади» (Муттафақун алайҳ).

Саҳл ибн Тустарий бундай ҳикоя қилади: «Уч ёшимда эдим. Тунлари уйғониб кетиб, тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намоз ўқишини кузатардим. Бир куни тоғам менга:

— Сени яратган Аллоҳ таолони зикр қилмайсанми? — дедилар.

— Қандай зикр қиламан? — деб сўрадим.

— Ётаётганингда тилингни қимирлатмасдан, қалбдан «Аллоҳ мен билан бирга, Аллоҳ менга назар солувчи, Аллоҳ мени кўриб турувчи Зотдир», деб уч марта айтасан, дедилар.

Бу сўзларни кечалари айтаётганимни тоғамга билдирдим. У киши ҳар куни кечаси бу сўзларни етти марта қайтаришимни айтдилар. Буни ҳам бажардим. Кейин тоғам бу зикрни ҳар кеча ўн бир марта такрорлашимни айтдилар. Такрорладим, қалбимда бу сўзларнинг ҳаловатини туйдим. Бир йилдан сўнг тоғам менга:

— Ўргатганларимни ёдингда сақла, қабрга киргунингча бу сўзларни тилдан қўйма. Чунки бу зикрлар сенга дунё ва охиратда фойда беради, дедилар.

Икки йилдан сўнг бу зикрлардан ҳосил бўлган ҳаловат қалбимга сиғмай, тошиб чиқаётганини ҳис қилдим. Кунларнинг бирида тоғам:

— Эй Саҳл, Аллоҳ билан бирга, Аллоҳнинг назари остида, Аллоҳ кўриб турган қалб Аллоҳга итоатсизлик қилиши мумкинми? Аллоҳга осий бўлишдан сақлан, — дедилар».

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Муслимбек ЙЎЛЧИБОЕВ

Load More In МАҚОЛАЛАР