МАҚОЛАЛАР ЁШЛАР ТАРБИЯСИ ХАЙРИ-ЭҲСОН ВА САДАҚА ҚИЛИШ БАРОБРИДАДИР 28 февраля, 2021 0 178 Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиса “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Киши учун ўз боласига одоб бермоғи унинг бир соъ садақа қилганидан яхшидир”. (Имом термизий ривоят қилган) Бошқа ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бирор киши фарзандига чиройли одоб бериши афзалроқдир, ҳар куни мискинларга яримта нон садақа қилганидан кўра”. Баъзиларимиз савоб умидида қийналиб топган маблағларимиздан хайри-эҳсон, садақа қилиш пайидан бўламиз. Гоҳида бу сарф-харажатлар болаларимиз ҳисобидан бўлиши ҳам бор. Яъни, уларга ишлатилиши лозим бўлган маблағ савоб умидида садақага сарфланади. Аслида эса, боланинг одобли бўлиши учун қилинган хизматнинг ўзи худди садақа қилганнинг савобини бераверади. Ота-она ўз фарзандига одоб берар экан, уларга садақа қилганлик савоби ёзилиб туради. Бас, шундай экан, болаларга одоб беришда ғайратли бўлишни унутмаслигимиз керак. Агар ҳар бир оила ўзининг ҳар бир боласини одобли этиб тарбияласа, оилалар одобли бўлади. Бундай одобли оилалардан ташкил топган жамият ҳам одобли бўлади. Бу эса, бутун дунё учун яхшилик бўлади. Айюб ибн Мусодан,у киши отасидан,у киши бобосидан розияллоҳу анҳулардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса беролмайди”, дедилар. ( Термизий ривоят қилган.) Динларнинг мукаррами ва мукаммали бўлган Ислом мана ўн беш асрдирки инсонни тарбиялашни, айниқса, болаларга одоб ва ахлокдан пухта таълим-тарбия беришни энг муҳим вазифа ўрнида кўриб келмокда. Чунки жамият аъзоларининг яхши хулкли, ҳалол ва пок бўлишини орзу қилсагу, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади. “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдулхамид домла АЛИЕВ