МАҚОЛАЛАР ЁШЛАРНИНГ ЗАМОНАВИЙ ИЖТИМОИЙ-ПСИХОЛОГИК МУАММОЛАРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШДА КАЛОМ ИЛМИНИНГ АҲАМИЯТИ 21 мая, 2022 0 233 Инсон ҳаёти манфаатларнинг муттасил равишда тўқнашувидан иборат мураккаб жараён ҳисобланади. Мазкур жараён нафақат моддий, балки руҳий-маънавий жиҳатларга ҳам эга. Бу эса жамиятда соғлом рақобат ва тараққиёт сингари ижобий тушунчалар билан бирга турли ижтимоий-психологик муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Мазкур муаммоларнинг ечими борасидаги қарашлар эса турли-туман. Уларнинг ичида диний эътиқод билан боғлиқ ҳис-туйғулар алоҳида аҳамият касб этади. Ислом илмлари орасида калом илми ўзига хос хусусиятга эга. “Калом илми” ёки “Ақоид” деб номланувчи мазкур илм ислом динига эътиқод қилувчи ҳар бир шахс билиши ва қаттиқ ишониши лозим бўлган таълимотлар мажмуасини баён қилиб беради. Юртимиздан етишиб чиққан алломалар бошқа илмлар қатори калом илми тараққиётига ҳам салмоқли хисса қўшган. Фарғона диёрида туғилиб, Самарқандда фаолият юритган Абус-Сано Маҳмуд ибн Зайд Ломиший ана шундай уламолардан бири бўлиб, у ўз даврининг фақиҳ, мутакаллим олими сифатида танилган. Олимнинг илмий асарлари орасида “ат-Тамҳид ли қоваъид ат-тавҳид”[1] китоби алоҳида аҳамият касб этиб, ақида илмига оид муҳим манба саналади. “Тамҳид” асари XII асрда ёзилган бўлиб, ўзида мотуридия таълимоти қарашларини акс эттирган. Асарда ақида илмининг тавҳид, Аллоҳнинг исм ва сифатлари, рисолат ва нубувват, авлиёларнинг кароматлари, ризқ, шафоат, қазо ва қадар каби масалалари баён этилган. Ҳозирги вақтда жамиятда, айниқса, ёшлар орасида мавжуд бўлган ижтимоий-психологик муаммолар сифатида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпайиб бораётгани; Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга муккасидан кетиш; Содир этилган ёмон ишларни тақдирга тўнкаш; Ўлимдан кейинги жараёнларга бўлган ишончнинг заифлиги; Ризқ ҳақидаги нотўғри тасаввурларнинг мавжудлиги; Қандай йўл билан бўлмасин бирданига юқори даражадаги моддий таъминланганликка эришиш; Гиёҳвандлик, ичкилик ва турли психотроп моддаларга қарамлик; Фаҳш ҳамда беҳаёликнинг авж олиши ва унинг номақбул жинсий ҳаётга таъсири; Зўравонлик ва безориликнинг одатий ҳол сифатида қабул қилиниши; Коррупцияни ҳаётнинг ажралмас бир бўлаги, табиий қонун деб қабул қилиш кабилар. Калом илмидаги бош мавзулардан бири Яратувчининг ягоналиги ва Унинг қудрат, илм, ирода, эшитиш, кўриш каби сифатларини исботлаш ҳисобланади. Яратувчини комил сифатлари билан таниш ва Унга чин маънода бандалик қилиш барча яхшиликларнинг боши ҳисобланади. Аксинча, Уни танимаслик инсоннинг номақбул ҳаёт тарзида ўз аксини топади. Тақдир масаласи ҳам калом илмидаги муҳим мавзулардан бири ҳисобланади. Уни тушунишда эса турлича талқинларга дуч келиш мумкин. Тақдирнинг олдиндан битиб қўйилгани аниқ, лекин нима битилгани номаълум. Жабарийлардан фарқли ўлароқ, аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, инсон ҳеч бир ишни қилишга мажбур қилинмайди. Инсондан талаб қилинган нарса шуки, яхшилик қилиш ва ёмонликдан қайтиш. Ана шунда турли-туман ёмонликларни амалга оширишга тақдирни рўкач қилиш барҳам топади. Охиратга бўлган ишонч, қиёматда амалларнинг ҳисоб-китоб қилиниши, жаннат ва дўзах, жаннатда Аллоҳ таолони кўриш, пайғамбарларнинг шафоати, қабр азобининг ҳақлиги каби масалалар ҳам калом илмида муҳим аҳамият касб этади. Мазкур мавзуларни илмий асосда ўрганиш, атрофлича мушоҳада қилиш юқорида келтириб ўтилган муаммоларнинг ўз ечимини топишида ўзига хос ўрин эгаллайди. Ақида илмида яна авлиёлар ва уларнинг кароматлари борасида ҳам сўз юритилади. Авлиёнинг таърифи, унинг шартлари ва кароматларининг зоҳир бўлиши, ҳар бир мўмин-мусулмон инсон валийлик даражасига етиши мумкинлиги борасида билимга эга бўлиш инсонни комиллик сари етаклайди. Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, аждодларимиз, хусусан, Маҳмуд ибн Зайд Ломишийнинг калом илмига оид меросини илмий асосда ўрганиш ёшлар орасидаги ижтимоий-психологик муаммоларнинг ўз ечимини топишида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, аллома Ломишийнинг ибратли ҳаёти ва илмий мероси ғоялар кураши авж олган бугунги даврда ёш авлодга муқаддас динимиз таълимотининг асл моҳиятини тушунтириш ва уларни маънан баркамол инсон қилиб тарбиялашда дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Абдулло Ғуломов, “Саййид Муҳйиддин махдум” ЎМИБЮ Маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир ўринбосари [1] Қаранг: Маҳмуд ибн Зайд Ломиший. Ат-тамҳид ли қоваъидит-тавҳид(Усмон Оркач таҳқиқи). – Истанбул, Erenler vakfi, 2021. – 248 б.