Закот молиявий ибодат

0
849

Ислом дини беш асос устида қурилган бўлиб, шулардан бири бу – Закот ибодатидир. Закот Аллоҳ таоло мўмин бандаларига фарз қилган амалларидандир. Ҳақ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз…” (Бақара, 43-ояти).
“Закот”сўзи луғатда “поклаш”, “кўпайиш”, “ривожланиш”, “барака” каби маъноларни англатади. Зеро закот берган банданинг моли покланади. Закот бермаган кимсанинг молига бошқа ҳақдорларнинг насибаси аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. У қачон закотни адо қилса, молини поклаган бўлади. Қолаверса, закоти берилган молга барака киради.
Шаръий истилоҳда закот махсус молдан, махсус қисмни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун беришдир. “Махсус мол” деганда нисобга етган мол назарда тутилади. “Махсус қисм” деганда маълум молдан ҳақдорларга берилиши лозим бўлган қисм назарда тутилади. “Махсус шахс” закот олишга ҳақдор кишидир. “Аллоҳ розилиги учун” лафзидан бу ибодат ихлос билан Аллоҳ розилигини истаб қилиниши кераклиги, риё ва шу каби иллатлар аралашиши билан банда ажр-савобдан маҳрум бўлиши тушунилади.
Закот ҳижрий иккинчи йилда Мадинаи Мунавварада Рамазон рўзасидан кейин фарз қилинган.
Закот Қуръони каримнинг ўттиз икки оятида закот беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма етти ўринда намоз билан бирга зикр қилинган. Бу эса намоз банда ҳаётида қанча муҳим ўрин тутса, закот ҳам шунчалик аҳамиятли, қилиниши лозим бўлган амаллардан эканига далолат қилади.
Закотнинг жорий этилиш ҳикмати шуки, закот туфайли жамиятда бир қадар тенглик пайдо бўлиб, бой ва фақир табақалар ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келади, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асрашига замин тайёрланади.
Маълумки, закот муайян миқдордаги маблағга эга бўлган мусулмоннинг зиммасига фарз қилди. Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида-нисоб дейилади. “Нисоб” сўзи луғатда “асос”, “негиз”, “миқдор”, “даража”, “ҳисса” каби маъноларни англатади.
Шаръий истилоҳда нисоб кишининг моли, маблағидан закот бериши учун муайян миқдорни англатади. Ҳаётий эҳтиёж ва қарзлардан ортган маблағ 20 мисқол (85 грамм) олтин, 140 мисқол – 200 дирҳам (595 грамм) кумуш миқдорида бўлса, унинг қирқдан бири, яъни 2.5 фоизи закот сифатида ҳақдорларга берилади.
Фиқҳий китобларда закот ҳақидаги ҳукмлар муомалалар бобида эмас, балки ибодатлар бобида баён қилинган. Чунончи закотда фақат моддият эмас, балки маънавият, руҳият ҳам бор. Закотни жорий қилишдан бойларнинг молларини нуқсон ва камчиликлардан сақлаб, уларнинг ўсишини таъминлаш ёки фақирларга яхшилик қилишнинг ўзи ирода қилинмаган. Балки закот банда учун мол-дунёдан устун экани, у нафсига қул бўлиб қолишдан узоқ бўлиши кераклигини англаб етиши ирода қилинган. Зеро закот бераётган банда нафсини тийиб, бахилликдан воз кечиб, Аллоҳга ибодат қилаётган бўлади. Бу билан у дунё ўткинчи, ундаги зийнатлар фоний эканини ёдга олади. Хуллас, закот ва шу каби ибодатларда биз билмаган ҳикматлар кўп.

Қўй ва эчкилар нисоби 40та. Қирқтадан камида закот берилмайди. 40 тадан 120 тагача – битта қўй, 121тадан 200тагача – иккита қўй, 201тадан 399тагача – учта қўй, 400тадан 499тагача – тўртта қўй, 500тадан 599тагача – бешта қўй закот сифатида берилади. Эътибор берилган бўлса, қўйлар сони кўпайиши билан бериладиган закот миқдори камайиб бораверади. Бу қўй боқишга қилинган тарғибдир. Ҳадисларнинг бирида қўй барака экани алоҳида таъкидланган.
Сигир ва хўкиз нисоби 30та. Ўттизтадан кам бўлганда закот берилмайди. 30 тадан 39 тагача – битта бир ёшдан ошган эркак ёки урғочи мол, 40 тадан 59 тагача – икки ёшдан ошган эркак ёки урғочи мол, 60 тадан 69 тагача – иккита бир ёшдан ошган мол, 70 тадан 79 тагача – битта бир ёшдан, битта икки ёшдан ошган мол, 80 тадан 89 тагача – иккита икки ёшдан ошган мол, 90 тадан 99 тагача – учта бир ёшдан ошган мол берилади.
Туя нисоби 5та. Бештадан камида закот берилмайди. 5тадан 9тагача – битта қўй, 10тадан 14тагача – иккита қўй, 15тадан 19тагача – учта қўй, 20тадан 24тагача – тўртта қўй, 25тадан 35тагача – битта икки ёшга ўтган бўталоқ, 36тадан 45тагача уч ёшга ўтган бўталоқ, 46тадан 60тагача битта тўрт ёшга ўтган бўталоқ, 61тадан 75тагача битта беш ёшга ўтган бўталоқ, 76-90тагача иккита уч ёшга ўтган бўталоқ, 91 тадан 120 тагача иккита тўрт ёшга ўтган бўталоқ берилади.
Эслатиб ўтамиз, қўй, қорамол ва туя йилнинг аксар қисмида яйловда юрсагина улардан закот берилади. (давоми бор..)

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси: М.Тўрақулов

Load More In МАҚОЛАЛАР