Uncategorized ИЛМ ҚАЛБИМИЗ ҲАЁТИДИР. 8 сентября, 2022 0 229 Дунёда бизнинг аждодларимиз каби илмга ҳаётини бағишлаган миллат бўлмаса керак. Буюк алломалармизнинг диний ва дунёвий илмга қўшган ҳиссаларини йиллаб суҳбат қилсак вақтимиз етмайди. Ватандошимиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳаётларини илмга бахшида этиб “Илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди” деб, инсон дунё ва охиратини обод қилиш учун илм излаши лозимлигини уқтирдилар. Шунингдек, ота-боболаримиз “Ёшликда ўрганилган илм тошга битилган нақш каби мустаҳкам бўлади” деганларида нақадар ҳақ эдилар. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб нозил бўлиши сўзимизга ёрқин далил бўла олади. Аллоҳ таоло илм дини бўлмиш муборак Ислом дини билан инсониятни жаҳолат зулматидан Ислом нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни имонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган муқаддас диндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмон киши илм олиши фарз экани ҳақида шундай деганлар: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, дедилар”. (Ибн Можа ривоят қилган) Муборак Ислом дини диний ҳамда дунёвий илмга умумий даъват қилиб, динда фақиҳ бўлишликка алоҳида урғу берган. Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳимо ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар”. (Муттафақун алайҳ) Ушбу муборак ҳадисга кўра, илм эгалари улуғ фазилат эгаси экани маълум бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизга фойдали илм олиб, келажак авлодга етказишимизни ўзи насиб қилсин. Саидафзалхон Зикрияев, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси